Mundarija
Bo'limlar
Ilyosbek Studio
Yangiliklar
Baho Bering
Korsatgich
Bosh Sahifa » » Foydali maslaxatlar [ Yangilik Qoshish ]

Ertalab uyqudan turib bir marotaba bo'lsada shuni uqing
2013-06-16, 7:45 PM

КУНДАЛИК 40 САВОЛ :
«Охиратда ҳисоб қилинишдан аввал бу дунёда ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб турингиз». (Умар ибн ал-Хаттоб) Ҳар куни ўзингизга ушбу саволлар билан мурожаат этиб туринг: 1. Бугун эрталаб ўнг тарафдан туриб, калимаи тавҳид ҳамда калимаи тамжидни ўқидингми? 2. Бугун кун чиққунга қадар, Қуръон ўқиб, Аллоҳни зикр қилдингми? 3. Бугунги кунинг учун ҳалолдан ризқ топиб, ҳалолдан ризқ ейишни сўрадингми? 4. Бугун бомдод ва шом намозларидан сўнг, истиғфор айтдингми? 5. Бугун беш вақт намозни эркаклар масжидда ва аёллар болалар билан уйда ўқидиларми? 6. Бугун 360 аъзойингдан ҳар бирининг садақоти учун икки ракаат зуҳо намозини ўқидингми? 7. Бугун азон чақирилгандан сўнг, унинг дуосини ўқидингни? 8. Жума кунги намозгача вожиб бўлган амал – ғусл олдингми? 9. Бугун овқатланаётганингда, кийим кияётганингда махсус дуоларни ўқидингми? 10. Бугун Ислом динида бўлганинг учун Аллоҳга ҳамду-сано айтдингми? 11. Бугун кўзинг кўргани, қулоғинг эшитгани, қалбинг фаҳмлагани учун шукрлар айтдингми? 12. Бугун тирик юрганингни ғанимат билиб, ўлимингга тайёргарлик кўрдингми? 13. Бугун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қайси суннатини тирилтирдинг? 14. Бугун ҳадислардан қанча ўргандинг ва бошқаларга қанча ўргатдинг? 15. Бугун кўзингни, қулоғингни, баданингни ҳаромдан тийдингми? 16. Бугун ўлимни кўриб, ибрат олдингми? «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дедингми? 17. Бугун неча марта ўлимни эсладинг? 18. Бугун эркаклар таҳорат қилиб, жанозаларга бордиларми? 19. Бугун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга неча марта саловот айтдинг? 20. Бугун Аллоҳ учун касални зиёрат этдингми? 21. Бугун бировдан амри-маъруф ёки наҳйи мункар эшитдингми? 22. Бугун неча қатор оят ва нечта сура ўқидинг? 23. Бугун Аллоҳ розилиги учун қайси мусулмонга ёрдам бердинг? 24. Бугун бировга ваъда берган бўлсанг, устидан чиқдингми ёки устидан чиқа олмасанг, узр келтирдингми? 25. Бугун Аллоҳ розилиги учун ошкора ёки махий яхшилик қилдингми? 26. Бугун сендан биров юз ўгирган бўлса, бориб ярашдингми? 27. Бугун Аллоҳ розилиги учун ғазабингни ютдингми? 28. Бугун сенга бир мусулмон зулм қилиб қўйган бўлса, уни кечирдингми? 29. Бугун биров сени ҳамма нарсадан маҳрум бўлса, унга бирон нарса бердингми? 30. Бугун кимни Аллоҳ учун яхши кўрдинг, кимни Аллоҳ учун ёмон кўрдинг? 31. Бугун энг яхши кўрган нарсангни Аллоҳ розилиги учун бера олдингми? 32. Бугун исломдан бехабар юрган қайси бир гумроҳни Исломга чақирдинг? 33. Бугун неча марта ўзингни кулгудан тийиб турдинг? 34. Бугун Аллоҳдан қўрқиб, неча марта йиғладинг? 35. Бугун неча марта тавба қилиб, Аллоҳга қайтдинг? 36. Бугун Ер юзидаги мазлум мусулмонлар ҳақида дуо қилдингми? 37. Бугун қайси бир мусулмоннинг ҳожатига ярадинг? 38. Бугун қайси бир мусулмонга табассум қилдинг? 39. Бугун ғийбатдан, чақимчиликдан, ёлғондан ва бемаъно тортишувлардан тилингни тийдингми? 40. Бугун ширкдан сақландингми? — Ажабо, қўлингдаги минг сўм масжидга нақадар кўп-у, бозорга нақадар оз. — Ажабо, бир ярим соат зикр нақадар узоқ чўзилади-ю, тўқсон минут футбол нақадар тез тугайди. — Ажабо, дуода сўзлар нақадар топилмайди-ю, ғийбатда шу қадар қуйилиб келади. — Ажабо, агар футболда қўшимча вақтга ўтадиган бўлса, нақадар ҳаяжонланиб турамиз-у, Рамазондаги қўшимча намоздан узоқ деб нолиймиз. — Ажабо, Қуръондан бир саҳифа ўқиш нақадар қийин-у, "Даракчи"дан ўттиз бет нақадар осон. — Ажабо, бир неча дақиқа масжидда нақадар узоғ-у, навбатдаги сериал қаршисида нақадар оз. — Ажабо, хонанда қаршисида олдинги қаторларга нақадар ҳарисмиз-у, Худованда уйида сўнгги сафларга. — Ажабо, одамларга жумъа маърузасини эсда сақлаб, бошқаларга етказиш нақадар оғир-у, иғвою миш-мишларни ташиб юриш нақадар енгил. — Ажабо, телевизорнинг ҳар бир чўпчагига ишонамиз-у, Парвардигорнинг ҳақ сўзига шубҳа қиламиз. — Ажабо, севимли кўрсатув олдидан тайёрланиб, ҳар қанча кутамиз-у, намоз вақти деярли ўтиб кетса ҳам, унга ҳеч қанча тайёргарлик кўрмаймиз. — Ажабо, сериал қаҳрамонларини нақадар севиб, уларни куйиб-пишиб муҳокама қиламиз-у, масжидда ёнимизда турган намозхонни танимаймиз. — Ажабо, ҳар ким жаннатга киришни ҳар қанча тамаъ қилади-ю, бунинг учун бир нима қилиш, гапириш ёки ишониш кераклигини ҳеч қанча ўйламайди. —Ажабо!АЛЛОҲ Аллоҳ, Сенга юз минг юлдуз қуёш бўлиб топинар, Аллоҳ, Сенга дарё-денгиз кўз ёш бўлиб топинар, Менинг севгим олам аро гарчи зарра, қабул эт, Аллоҳ, Сенга не-не улус бир бош бўлиб топинар! АР-РАҲМОН Ўзинг асра дўст кўринган мубталодан, ё, Раҳмон! Ўзинг асра юзи тиниқ, ич балодан, ё, Раҳмон! Марҳаматинг, қудратига сиғиндим мен, ё, Раҳмон! Ўзинг асра ҳар қазою ҳар балодан, ё, Раҳмон! АЛ-МАЛИК Тахти олий ҳукмдори, арш-моҳларим, ё, Малик! Сенга аён осийлигим, дил оҳларим, ё, Малик! Банда бандаси бўлмай, бандангдурман, ё, Малик! Ўзинг кечир маҳкамада гуноҳларим, ё, Малик! АЛ- ҚУДДУС Севги Сенинг камолингдир, ё, Қуддус! Нафас Сенинг шамолингдир, ё, Қуддус! Муҳаббатим изҳорига сўз лолдир, Жаннат Сенинг жамолингдир, ё, Қуддус! АС-САЛОМ Ҳақсизликдан қоним музлар, ё, Салом! Кимдир бунга малҳам излар, ё, Салом! Ер юзида дармон йўқдир бу дардга, Шифо бергин хаста бизлар, ё, Салом! АЛ-МУЪМИН Нетайки мен вафоси йўқ бу жаҳонни, ё, Муъмин! Юраклардан суғуриб ол бу камонни, ё, Муъмин! Бир қулингман, фарёдимга қулоқ сол. Қалб боғида боқий айла гул – иймонни, ё, Муъмин! АЛ-МУҲАЙМИН Ё, Муҳаймин, қалби поклар султони Сен! Ё, Муҳаймин, дорул бақо имкони Сен! Ё, Муҳаймин, осойишнинг аркони Сен! Ё, Муҳаймин, хайру эҳсон макони Сен! АЛ-АЗИЗ Ё, Азиз, Сенга таваккул айладим, Ё, Азиз, равшан йўлингни танладим, Ё, Азиз, руҳни синовга шайладим, Ё, Азиз, Сенсиз ҳаётда найладим! АЛ-ЖАББОР Ватанимни обод кўриш муродимдир, Ё, Жаббор! Улус дарди бўғзимдаги фарёдимдир, Ё, Жаббор! Мен борман-ми, мен йўқман-ми, билинмас, Лек миллатим бахти кулса, руҳ шодимдир, Ё, Жаббор! АЛ-МУТАКАББИР Тупроқ эдим, хоки сорман, ё, Мутакаббир! Сен олдингда хору зорман, ё, Мутакаббир! Недан ўзни унутайин, бош устимда нигоҳинг, Қарзни олсанг хоби ёрман, ё, Мутакаббир! АЛ-ХОЛИҚ Умид Сендан, бир фаришта юборақол, ё, Холиқ, Инсофсизлар қилмишини дафтарга сол, ё, Холиқ, Тили бошқа, дили бошқа муллати-мушрикларни, Тилин кесиб, қиёматда қозонга сол, ё, Холиқ! АЛ-БОРИЙ Онам мени кутганида кўнгил зори Сен эдинг! Ёрим бола кутганида дилда Борий, Сен эдинг! Болам бола кутганида мададкори бўл Ўзинг, Неварамнинг неварасин Худо ёри, бўл Ўзинг! АЛ-МУСАВВИР Кўзни чиздинг қош остидан кўк осмонни кўрсин деб, Лабни чиздинг қўлга олгач, нур Қуръонни ўпсин, деб, Умр бердинг бу дунёда фаросатга тўлсин, деб, Зурёд бердинг ўлганида роҳат билан ўлсин деб! АЛ-ҒАФФОР Ўзинг тингла дил оҳимни, ё, Ғаффор, Кечир қилган гуноҳимни, ё, Ғаффор, Сақла дўзах азобидан, ё, Ғаффор, Жаннатдан бер даргоҳимни, ё, Ғаффор! АЛ-ҚАҲҲОР Бўйнимда илон экан, орзуларим, ё, Қаҳҳор, Қалбимда нолон экан, орзуларим, ё, Қаҳҳор, Бу дунё орзуларин тарк айладим, ё, Қаҳҳор, Сенингла шодмон экан, орзуларим, ё, Қаҳҳор! АЛ-ВАҲҲОБ Ҳақ йўлида хасталарга хастаман, ё, Ваҳҳоб, Зулм қўлида ёнганларга бастаман, ё, Ваҳҳоб, Жоҳил бўлсак, илму эҳсон бағишла, ё, Ваҳҳоб, Жиҳод излаб фақат Сенга сасдаман, ё, Ваҳҳоб! АР-РАЗЗОҚ Сен яратган дунё боғдир, ё, Раззоқ, Саховатинг юксак тоғдир, ё, Раззоқ, Душманга хор, дўстларга зор айлама, Дастурхонга неъмат ёғдир, ё, Раззоқ! АЛ-ФАТТОҲ Гулни севдим, тиканидан қон ютдим, ё, Фаттоҳ, Элни суйдим, жимлигидан ўҳ, куйдим, ё, Фаттоҳ, Ҳақ йўлида ҳақларимдан ажралиб, ё, Фаттоҳ, Сени севдим, дардларимни унутдим, ё, Фаттоҳ! АЛ-АЛИЙМ Жоҳил аҳли иш бошида золим бўлди, ё, Алийм, Қўлларида ўғирланган молим бўлди, ё, Алийм, Адолатнинг шамчироғин сўндирмагил, ё, Алийм, Охиратнинг аҳкомида олим бўлди, ё, Алийм! АЛ-ҚОБИЗ Ризқу рўзни Сендан олдим, ё, Қобиз, Тортиб олсанг ночор қолдим, ё, Қобиз, Буйруғингдан чиқмай асло, ё, Қобиз, Қалбга фақат Сени солдим, ё, Қобиз! АЛ-БОСИТ Осмон оёқ остида Сен учун, ё, Босит, Замин оёқ остида Биз учун, ё, Босит, Сен истасанг осмонни парча-парча этасан, Бизни эса бу замин ютар бир кун, ё, Босит! АЛ-ҲОФИЗ Мен ғарибнинг ҳолига кулар кимлар, ё, Ҳофиз, Аммо киприк остида нурлар имлар, ё, Ҳофиз, Қўл силтайман дунёга, сендан мадад оламан, Гарчи атроф айлана тикан симлар, ё, Ҳофиз! АР-РОФИЪ Қулингга бир мансаб ато қил, ё, Рофиъ, Тахтинга ирфонни мато қил, ё, Рофиъ, Эҳсоннинг йўлида гадо қил, ё, Рофиъ, Иймондан тойганда адо қил, ё, Рофиъ! АЛ-МУЪИЗ Ё, Муъиз! Бу неъмат, бу шараф дарёси Ўзинг, Ё, Муъиз! Кўнгил гулшанининг ризоси Ўзинг, Ё, Муъиз! Борлиқ ухлаганда рўёси Ўзинг, Ё, Муъиз! Олам уйғонганда зиёси Ўзинг! АЛ-МУЗИЛ Ё, Музил! Иймонни отганлар кўпайиб кетди. Ё, Музил! Зиллатга ботганлар кўпайиб кетди. Ё, Музил! Ишламай ётганлар кўпайиб кетди. Ё, Музил! Исмингни сотганлар кўпайиб кетди. АС-САМИЙЪ Ё, Самийъ! Саслар долғасида ярақлаган дур, Ё, Самийъ! Сукунат сатҳида кезгувчи ҳузур, Ё, Самийъ! Фикр осмонини қуршаб олганлар, Ё, Самийъ! Қалбим уришини ўзинг тинглаб кўр! АЛ-БАСИЙР Ё, Басийр! Савобу гуноҳим ўзингга аён, Ё, Басийр! Яшириб ёзсам-да сен учун баён, Ё, Басийр! Дунёлар мулкида ғолибсан – шоён, Ё, Басийр! Сендан қоча-қоча кетарман қаён! АЛ-ҲАКАМ Ё, Ҳакам! Ҳақиқат изладим дорул фанода, Ё, Ҳакам! Кўзларим боғланиб гули раънода, Ё, Ҳакам! Билмадим адолат асли маънода, Ё, Ҳакам! Сенинг амрингдаман, боқий самода! АЛ-ОДИЛ Ё, Одил! Қайга борсам кўрдим юраклар яро, Ё, Одил! Ёна-ёна қирмизи қоним қаро, Ё, Одил! Ўзинг шавқат фармонини ўқигил, Ё, Одил! Бош тутайлик одилсизликлар аро! АЛ-ЛАТИФ Умри дароз, ризқу фароғ бер, ё, Латиф, Зулмат аро йўлда чароғ бер, ё, Латиф, Насибамни майда-майда тергали, Ўзинг қадоқ қўлга яроқ бер, ё, Латиф! АЛ-ХАБИР Гуноҳ қилдик кундузлари, қаро парда – девор қилдинг, ё, Хабир, Гуноҳ қилдик биз тунлари, Хуршид ила ошкор қилдинг, ё, Хабир, Қаҳринг Сенинг раҳминг экан, раҳминг огоҳ этгувчи сас, Билмаганни охиратда тилим-тилим, абгор қилдинг, ё, Хабир! АЛ-ҲАЛИМ Ё, Ҳалим, кўнглима шавқатни сол, Ё, Ҳалим, йўлима ҳурқатни сол, Гуҳоҳ этсам марҳаматинг аяма, Ё, Ҳалим, умрима шавкатни сол! АЛ-АЗИМ Уммон зарра, Сен азимсан, ё, Азим, Осмон зарра, Сен азимсан, ё, Азим, Мен милт этган учқундирман, ё, Азим, Жаҳон зарра, Сен азимсан, ё, Азим! АЛ-ҒАФУР Бу дунёнинг ҳар куни нур – ёз эмас, ё, Ғафур, Адолатсиз шотилари хўп соз эмас, ё, Ғафур, Синовингда билиб-билмай йиқилдим, Махфират қил, гуноҳларим кўп, оз эмас, ё, Ғафур! АШ-ШОКИР Шукр Сенга, бандага қул бўлмадим, ё, Шокир, Шукр Сенга, ниҳол экан сўлмадим, ё, Шокир, Неъматингни ҳар лаҳзада ҳис этдим, ё, Шокир, Шукр Сенга, ўлиб туриб, ўлмадим, ё, Шокир! АЛ-ОЛИЙ Аркинг аркида йўқдирки адад, ё, Олий, Қўлни очсак ўзинг мадад, ё, Олий, Қиёс излаб қиёсингни топмадим, Олий Сенсан, олий абад, ё, Олий! АЛ-КАБИЙР Ё, Кабийр, азмингда илму мурват бўлолсайдим, Ё, Кабийр, назмингда шеъру-шуҳрат бўлолсайдим, Йўқ, ожизман, мунавварлик Сенга хос, Ё, Кабийр, наздингда қули ибрат бўлолсайдим! АЛ-ҲАФИЗ Отам-онам қабрин нур-ла обод қил, ё, Ҳафиз, Руҳларини жаннатингда дилшод қил, ё, Ҳафиз, Осий дунё ўтганларни унутар, ё, Ҳафиз, Боқий элда улар номин Сен ёд қил, ё, Ҳафиз! АЛ- МУҚИТ Ориятни баланд тутдим, хорландим, ё, Муқит, Хосиятни баланд тутдим, зорландим, ё, Муқит, Ҳийла-найранг тузоғини севмадим, ё, Муқит, Оқибатда жаннатингга чорландим, ё, Муқит! АЛ-ҲАСИБ Сув балоси, олов балосидан қўрқдим, ё, Ҳасиб, Чув балоси, алдов балосидан қўрқдим, ё, Ҳасиб, Ҳабияллоҳ-ул-Ҳасиб, ўзинг асра, Қув балоси, ҳийла балосидан ё, Ҳасиб! АЛ-ЖАЛИЛ Масканимга шамол келди, ё, Жалил, Машрабимга камол келди, ё, Жалил, Сенинг номинг зикр этсам, қай маҳал, Мансабимга жамол келди, ё, Жалил! АЛ-КАРИМ Тунлар тонгга уланар, "Ё, Карим!” десанг, Мазлум шуур ҳурланар, "Ё, Карим!” десанг, Йўлинг етиб Дорулбақога, Руҳинг қайта нурланар, "Ё, Карим!” десанг! АР- РОҚИБ Олам аро бе рақибсан, ё, Роқиб, Биз таъзимда, бе таъқибсан, ё, Роқиб, Гуноҳимиз ҳаддан ошиб кетган кун, Азоб учун ўт ёқибсан, ё, Роқиб! АЛ-МУЖИБ Сабр биздан, қадр Сендан, ё, Мужиб, Садр биздан, адр Сендан, ё, Мужиб, Хиёнатга қулинг муҳтож қолганда, Қабр биздан, жабр Сендан, ё, Мужиб! АЛ-ВОСИЪ Мен ишонсам, ишонганим сотди, ё, Восиъ, Дўстим пойлаб юрагимдан отди, ё, Восиъ, Фақат Сенга инондим сўнг, ё, Восиъ, Қалбим ҳаёт таъмин тотди, ё, Восиъ! АЛ-ҲАКИМ Ҳикмат излаб умр кечди, ё, Ҳаким, Хотирадан излар ўчди , ё, Ҳаким, Ва билмадим, ҳимкат Сенда, ё, Ҳаким, Кўзбоғимни ажал ечди, ё, Ҳаким! АЛ-ВАДУД Қалам қолиб, қилич тушди қўлима, ё, Вадуд, Душман эмас, дўстлар чиқди йўлима, ё, Вадуд, Иймон суви келгач кўнгил чўлима, ё, Вадуд, Ҳаёт надир, бошни урдим ўлима, ё, Вадуд! АЛ-МАЖИД Ё, Мажид, Сен азаматлар азамати, Ё, Мажид, Сен кароматлар каромати, Магар Сенинг улуғлигинг кўролмасам, Ё, Мажид, Мен маломатлар маломати. АЛ-БОЪИС Не-не зўрлар, зўравонларни кўрдим, ё, Боъис, Не-не чўллар, йўл-равонларни кўрдим, ё, Боъис, Кучсизу заррадирлар пули сиротнинг олдида, Сендан қўрққан қалб-шодонларни кўрдим, ё, Боъис! АШ- ШАҲИД Бўҳтондан чиқмади бошим, ё, Шаҳид, Андуҳдан сўнмоқда қуёшим, ё, Шаҳид, Фарзандлар доғида ёндирма, фақат, Аршинга етганда ёшим, ё Шаҳид! АЛ-ҲАҚ Ҳақ йўлида ноҳақ бўлганлар қанча, ё, Ҳақ, Ҳақ йўлида барҳақ бўлганлар қанча, ё, Ҳақ, Ўзларини қуёш деб оқибатда бир куни, ё, Ҳақ, Қонга ботиб шафақ бўлганлар қанча, ё, Ҳақ! АЛ-ВАКИЛ Оғоч бўлдим, дор бўлмадим, ё, Вакил, Судралдим гоҳ, мор бўлмадим, ё, Вакил, Таваккални Сенга қилдим, ё, Вакил, Ғариб эдим, хор бўлмадим, ё Вакил! АЛ-ҚОВИЙ Кўкка боқдим тилсим кўрдим, ё, Қовий, Ўзни омий қил сим кўрдим, ё Қовий, Таълимотинг чашма янглиғ симиргач, Сир калитин гулсум кўрдим, ё, Қовий! АЛ-МАТИЙН Сен метинсан, мен турғунман, ё, Матийн, Сен иноят, мен туйғунман, ё, Матийн, Туйнигингдан кириб бордим қасрингга, Сен лутфсан, мен уйғунман, ё, Матийн! АЛ-ВАЛИЙ Одамлар орасидан дўст излабман бефойда, ё, Валий, Умидларим сув бўлиб оқиб кетдилар сойда, ё Валий, Ҳақиқий дўст Сен кирдинг ҳувиллаган қалбимда, ё, Валий, Орзуларим чинма-чин юксалдилар бир жойда, ё Валий! АЛ-ҲАМИД Ал-ҳамидуллоҳу Раббил-оламин, ё, Ҳамид, Сен покиза, Сен ҳафизул-оламин, ё, Ҳамид, Сенга сано айтмоқ қарзу муборак, ё, Ҳамид, Ҳамд ёзмаса синсин қўлда қаламим, ё, Ҳамид! АЛ-МУҲСИЙ Тонгда турдим, бош устида Сен эдинг, ё, Муҳсий, Хаёл сурдим, бош устида Сен эдинг, ё, Муҳсий, Хох тун эди, хиҳ кун эди – дунё кездим – Қайда юрдим, бош устида Сен эдинг, ё, Муҳсий! АЛ-МУБДИЙ Билмам лоймидим, пахсазаннинг оёғида, ё, Мубдий, Билмам оймидим, чўпонларнинг таёғида, ё, Мубдий, Одам бўлдим Сенинг кароматингдан, ё, Мубдий, Билмам не хат бор пешонамнинг нарёғида, ё, Мубдий! АЛ-МУЪИЙД Асл сўроқ ҳузурингда туришдир, ё, Муъийд, Асл юриш кўпригингда юришдир, ё, Муъийд, Жаннатингдан бенасиб қолганларга, ё, Муъийд, Асл азоб дўзахингда куйишдир, ё, Муъийд! АЛ-МУҲЙИ Айро тушдим сокин қишлоқ – онамдан, ё, Муҳйи, Айро тушдим жўшқин шаҳар – отамдан, ё, Муҳйи, Азобларим зардоб бўлиб оқдилар, ё, Муҳйи, Айро тушдим фоний дунё – оламдан, ё, Муҳйи! АЛ-МУМИЙТ Ўлим надир, ўлим Сенинг қарзингдир, ё, Мумийт, Ҳаёт надир, ҳаёт Сенинг дарсингдир, ё, Мумийт, Фаришталар хизматида мунтазир, ё Мумийт, Одам надир, одам Сенинг фарзингдир, ё, Мумийт! АЛ-ҲАЙЙ Билмадим бу дунёда неткинчимиз, ё, Ҳайй, Дунё ўрмон, балки биз ўтинчимиз, ё, Ҳайй, Абадият мулкининг соҳибисан, ё, Ҳайй, Сен тириксан, биз эса ўткинчимиз, ё, Ҳайй! АЛ-ҚАЙЮМ Садаф тишни терганингдай дунё тиздинг, ё, Қайюм, Савоб гуноҳ орасида бизни туздинг, ё, Қайюм, Истаганда бор айлдинг, ёр айладинг, ё, Қайюм, Истаганда барчасини қайта буздинг, ё, Қайюм! АЛ-ВОЖИД Қоча-қоча қайга қочиб бораман, ё, Вожид, Одил йўлда уруғ сочиб бораман, ё, Вожид, Юрагимга чўғ оловни солдинг Сен, ё, Вожид, Ёна-ёна эшик очиб бораман, ё, Вожид! АЛ-МОЖИД Бойликлардан узоқда бой эдим, ё, Можид, Йўлимга рақиб чиқса ёй эдим, ё, Можид, Давлатим бўлмаса-да шарафимни сақладинг, Дарё лойқа, мен – тиниқ сой эдим, ё, Можид! АЛ-ВОҲИД Биз на олову на тутун, ё, Воҳид, Сен воҳидсан – бир бутун, ё, Воҳид, Бирлаштиргин қулларингни ё, Воҳид, Биз тарқоқмиз, зор-юпун, ё, Воҳид! АС-СОМАД Сен муҳтож эмассан. мен муҳтожман, ё, Сомад, Мен гултож эмасман, сен гултожсан, ё, Сомад, Сен менга гултожу мен Сенга муҳтожу Бу дардим гар шоҳ эса, ман хирожман, ё, Сомад! АЛ-ҚОДИР Юрагимда ҳасратим бор, содири Сен, ё Қодир, Шууримда нусратим бор, нодири Сен, ё, Қодир, Миллатимга ўғил бўлиб, хизмат айламоқ учун, Бу дунёда фурсатим бор, қодири Сен, ё, Қодир! АЛ-МУҚТАДИР Тахту Сулаймонни нетай, тахтинг олдида, ё, Муқтадир, Бош олиб қайга кетай, шаҳдинг олдида, ё, Муқтадир, Еру кўкда қудрат Сенсан, Ўзинг қўлла, ё, Муқтадир, Мен муродимга етай, аҳдинг олдида, ё, Муқтадир! АЛ-МУҚАДДИМ Ё, Муқаддим, мансаб бердинг ҳўл бўлди дудоқларим, Ё, Муқаддим, сасинг тинглаб, лов ёнди қулоқларим, Ё, Муқаддим, сироти мустақиймда Сени ёдлаб, Ё, Муқаддим, оғмадим – тутиб турди оёқларим! АЛ-МУАХХИР Нур Каъбаи мукаррамим осмондир, ё, Муаххир, Мадинаи Мунавварим достондир, ё, Муаххир, Тепиб турар кўкрагимнинг ичида, ё, Муаххир, Самарқанду мўтабарим сарсондир, ё, Муаххир! АЛ-АВВАЛ "Ё, Аввал!", деганди бобомнинг бобоси, "Ё, Аввал!", отамнинг қалб уриш садоси, "Ё, Аввал!", умримнинг ибтидо, адоси, "Ё, Аввал!", қул бор-ки, бу сўзнинг гадоси! АЛ-ОХИР Қайдан келиб яна кетурмиз қаён, ё, Охир, Соати етганда қиласан аён, ё, Охир, Боқийлик ярашар зотингга танҳо, Аввалу-охирдан Ўзингсан шаён, ё, Охир! АЗ-ЗОҲИР Етти мулким ўз ўрнида, Сен моҳирсан, ё, Зоҳир, Тафаккурим дарёсида, Сен ҳозирсан, ё, Зоҳир, Муҳаббат не, билмоқ истаган банда, ё, Зоҳир, Сени севсин, кўнгул Зуҳра, Сен Тоҳирсан, ё, Зоҳир! АЛ-БОТИН Ақл чашма, Сен тубида кўзисан, ё, Ботин, Дилим булбул Сен тилида сўзисан, ё, Ботин, Руҳим Сенсиз яшай олмас бир лаҳза, ё, Ботин, Руҳим иймон, Сен илмида Ўзисан, ё, Ботин! АЛ-ВОЛИЙ Ё, Волий, ёшга сиҳат, кексаларга умр бер, Ё, Волий, бошга ақл, юракларга сабр бер, Ё, Волий, ғарибларнинг бурда нонин олдилар, Ё, Волий, разолатга ботганларга жабр бер! АЛ-МУТАЪОЛИ Шубҳа дилни кемиради, ё, Мутаъоли, Гумон элни емиради, ё, Мутаъоли, Сендан қайтган нобакорлар нобакори, Динсизликдан семиради, ё, Мутаъоли! АЛ-БАРР Яхшиликни хайру эҳсонингдан олдим, ё, Барр, Мурувватни меҳру осмонингдан олдим, ё, Барр, Ёмонликни малъун шайтондан олди ким, Омонликни илму урфонингдан олдим, ё, Барр! АТ-ТАВВОБ Тавба чоғи ҳилу ҳилдим, ё, Таввоб, Гуноҳимни аққол билдим, ё, Таввоб, Ўзинг кечир, остонангда тиз чўкдим, Тавба қилдим, тавба қилдим, ё, Таввоб! АЛ-МЎНТАҚИЙМ Дарра азоблари не эмиш, ё, Мунтақийм, Арра азоблари не эмиш, ё, Мунтақийм, Бошига келганлар англади, ё, Мунтақийм, Зарра азобларинг не эмиш, ё, Мунтақийм! АЛ-АФУВ Хўп гуноҳга тўлдим ман, авф этармисан, ё, Афув, Минг пушаймон бўлдим ман, авф этармисан, Игна яшар юрагимнинг остида, зардоб йиғиб, ё, Афув, Оҳ, қийналиб ўлдим ман, авф этармисан, ё, Афув! АР-РАУФ Ё, Рауф, дарёлар қуриб битарди дардим тегирмонида, Ё, Рауф, қоялар нураб кетарди дардим селимонида, Хайрият, Сен, бардошдан томиримга қон қуйдинг, Ё, Рауф, билмам дунё нетарди дардимнинг тўфонида! МОЛИКУЛ-МУЛК Моликул-Мулк, Сен бадавлат, мен молсиз, Моликул-Мулк, Сен басавлат, мен ҳолсиз, Моликул-Мулк, Сен неъматингдан улуш бердинг, Моликул-Мулк, Сен сахийсан, мен хасис! ЗУЛ-ЖАЛОЛИ ВАЛ-ИКРОМ Ё, Зул-Жалоли вал-Икром, Дардли борки, Сен акром, Оғир кунда Сенга сиғиндик, Сиҳат яшаш қил инъом! АЛ-МУҚСИТ Саҳар уйғонаман дилимда номинг, ё, Муқсит, Саждага борганда йўлимда номинг, ё, Муқсит, Вақт ила савашиб келади оқшом, ё, Муқсит, Уйқуга кетаман тилимда номинг, ё, Муқсит! АЛ-ЖОМИЪ Бор айладинг осмонни, ё, Жомиъ, Бор айладинг инсонни, ё, Жомиъ, Осмон учун қуёшни, Инсон учун, ё, Жомиъ, Ёр айладинг Қуръонни, ё, Жомиъ! АЛ-ҒАНИЙ Йўқдан борман – Сенинг улкинг, ё, Ғаний, Нафас олсам, Сенинг мулкинг, ё, Ғаний, Китобингни кўзга суриб, лабга босдим, ё, Ғаний, Комил руҳим – Сенинг хулқинг, ё, Ғаний! АЛ-МУҒНИЙ Ким камбағал, ким бойдир, ё, Муғний, Ким юлдузу ким ойдир, ё, Муғний, Фармон Сендан келадур, ё, Муғний, Ким камону ким ёйдир, ё, Муғний! АЛ-МОНИЪ Муродига етмаса қазоси ўзидадир, ё, Мониъ, Айби муқаррар бўлса жазоси Ўзингдандир, ё, Мониъ, Тавбасига таянса, нияти саҳиҳ экан, ё, Мониъ, Муроди ҳосил бўлар, сазоси ўзидадир, ё, Мониъ! АЗ-ЗОРР Ҳам фонийда, ҳам боқийда норинг бор, ё, Зорр, Ҳам заминда, ҳам осмонда ёринг бор, ё, Зорр, Сен истасанг ғазабингдан кимса қочиб қутулмас, Ҳам бешикда, ҳам тобутда доринг бор, ё, Зорр! АН-НОФИЪ Яхши истаб, ёмон бўлдим, ё, Нофиъ! Ранги-рўйи сомон бўлдим, ё, Нофиъ! Қўлларимни кўкка очиб, ё, Нофиъ! Ҳукминг ила омон бўлдим, ё, Нофиъ! АН-НУР Оғочмидим, ёна-ёна кул бўлдим, ё, Нур, Олтинмидим, сўна-сўна пул бўлай, ё, Нур, Мунаввар нур қучоғида яралдим, ё, Нур, Инсон бўлай, Сенга содиқ қул бўлай, ё Нур! АЛ-ҲОДИЙ Ҳидоятсиз кўча-куйда дол эдим, ё, Ҳоди, Қомат алиф аслида бир зол эдим, ё Ҳоди, Лутфинг ила шайтонлардан қутулдим, ё, Ҳоди, Бугун инсон, кеча асли лой эдим, ё, Ҳоди! АЛ-БАДИЪ Бир томчидан мукаммал жон яратдинг, ё, Бадиъ, Бир донадан насиба – нон яратдинг, ё, Бадиъ, Қулларингга ишонч сели ёғдириб, ё Бадиъ, Ҳар бирини халифа – хон яратдинг, ё, Бадиъ! АЛ-БОҚИЙ Ёмондан доғ, яхшидан боғ қолдирдинг, ё, Боқий, Гулдан тикан, уммондан тоғ қолдирдинг, ё, Боқий, Сен буюрсанг фоний бақо бўлғувси, ё, Боқий, Инсондан нур, шайтондан зоғ қолдирдинг, ё, Боқий! АЛ-ВОРИС Ўтмишим Сен, келажагим ҳам Ўзинг, ё, Ворис, Ҳадаф олибелажагим ҳам ўзинг, ё, Ворис, Кимса мендан ҳисоб сўраб толмасин, ё, Ворис, Мен ҳисобни беражагим ҳам Ўзинг, ё, Ворис! АР-РАШИД Замин тунга бўялганда, Сен келасан, ё, Рашид, Кўзим кунга бўялганда, Сен келасан, ё, Рашид, Йўл йўқотиб синганимда чил-чил бўлиб, Қалбим хунга бўялганда, Сен келасан, ё, Рашид! АС-САБУР Сабр таги олтин, дейди боболар, ё, Сабур, Сабр сўнгдан олдин, дейди боболар, ё, Сабур, Сенинг сабр салтанатинг уммондир, ё, Сабр, Сабр ҳақдин олгин, дейди боболар, ё, Сабур! АЛ-АҲАД Сени икки, деган тиллар лол бўлар, ё, Аҳад, Сени йўқдир, деган илм фол бўлар, ё, Аҳад, Сен Воҳидсан, лам ялид валам юлад, Сени хаёл деган кимса мол бўлар, ё, Аҳад! АЛЛОҲ Аллоҳ, Сени севолдим, гўзал тано керакмас, Аллоҳ, Сенга сиғиндим, мансаб мано керакмас, Аллоҳ, Сени куйладим, ўзга маъно керакмас, Аллоҳ, Сенга интилдим, дорулфано керакмас!
Bolimlar: Foydali maslaxatlar | Kiritdi: Admin
Korildi: 2445 | : 0 | Baholar: 5.0/1
Total comments: 0
Only registered users can add comments.
[ Sign Up | Login ]

Izlash
Kirish
Soat
Sms Jo'natish
Pul Ishlang
Islomiy Saytlar
Reklama
Yangi Rasmlar
wWw.Uzprograms.Com © 2013



            Administraciya Portalda joylanayotgan ma'lumot va fayllar uchun hech qanday javobgarlikni o'z bo'yniga olmaydi!