Тошкентда "Спорт кино ва телевидениеда” VIII Халқаро саралаш фестивали якунланди.
Халқаро саралаш фестивалига мамлакатимиздан ташқари, Германия, Франция, Португалия, Италия, Беларусь, Латвия, Грузия, Эрон каби ўнга яқин давлат ижодкорлари томонидан суратга олинган юзга яқин бадиий, ҳужжатли, телевизион ва анимацион фильмлар, репортаж ва очерклар, ижтимоий роликлар тақдим этилди. Улар орасидан танлаб олинган ўттизга яқин асар фестивалда намойиш қилинди.
"Олимпия шон-шуҳрати” музейида фестивалда турли номинациялар бўйича ғолиб бўлган фильм ижодкорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
"Киносаёҳат ва спорт” компанияси режиссёрлари Анвар Авазхўжаев ва Людмила Гармашнинг уч карра Олимпия ўйинлари ғолиби Артур Таймазов ҳақидаги «Кураш – менинг ҳаётим» фильми «Олимпия ўйинлари – олимпия руҳи» номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.
Шунингдек, "Ўзбеккино” Миллий агентлиги илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясининг "Ўзбек футболи” ва "Кураш” ҳужжатли фильмлари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Спорт» телерадиоканали томонидан тайёрланган "Парашютдан илк сакраш” телесюжети, "Орзулар ушалмоқда” видеоролиги, "Форум ТВ” сунъий йўлдош телеканалининг "Биз ҳар хилмиз, лекин бизни айкидо бирлаштиради” телефильми, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти тўртинчи курс талабаси Дилшод Ғаниевнинг "Ўзбекистон ифтихори” ҳужжатли фильми ҳам турли номинациялар бўйича ғолиб бўлди.
Фестивалда "Мен югуришни хоҳлайман” (Германия), "Бизнинг футбол” (Грузия), "Мен бахтлиман” (Беларусь), "Чавандоз аёл” (Франция) ва эронлик ижодкорларнинг анимацион фильмлари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Халқаро саралаш фестивалида ғолиб чиққан фильмлар жорий йилнинг декабрь ойида Италиянинг Милан шаҳрида ўтадиган XXXI Бутунжаҳон "Sport movies & TV” фестивалида намойиш этилади.
|